14.03.2015

Родригес де Силва Веласкес Диего




Родригес де Силва Веласкес Диего (Diego Velasquez) (1599-1660) испан рассоми, жаҳон реалистик санъатининг йирик намояндаси. Диего Веласкес асарлари ўз даврига нисбатан ўта дадиллиги, турли нуқталардан кузатувларининг аниқлиги, яратаётган характерининг пухта ўрганилганлиги, ранг ва объект орасидаги уйғунликнинг мукаммал ишланганлиги ҳамда бой колорити билан ажралиб туради.
Рассом дастлаб халқ маиший ҳаётидан лавҳалар яратган. Унинг бу борадаги “Нонушта тайёрлаётган аёллар”,  “Сув сотувчи” ва бошқа асарлари машҳур.
Рассомнинг энг машҳур асари эса, шубҳасиз, “Хизматчилар” (Las Meninas, 1656/57) номли асаридир. Жаҳон тасвирий санъати тарихида уч ўлчамли асарнинг илк бебаҳо намунаси сифатида эътироф қилинади.
Рассом картинада ўзини ҳам бошдан-оёқ тасвирлаган. Қирол ва қиролича эса хонанинг орқа қисмидаги ойнада билинар-билинмас ҳолда кўринади.
Менга қизиқ туюлган нарса шуки, расмда ойна биз томошабинларга қараб турибди. Шундай экан, расмда бизнинг аксимиз бўлиши керак. Рассом томошобин билан ўзига хос бир нави диалогга киришмаяптими ойна воситасида? Яъни биз эмасмизми ўша ойнадаги силуэт? Ёки янада қизиғи, биз қирол ва қиролича турган нуқтада туриб расмдаги воқеликни кузатиш имконига эга бўламиз. Тасаввур қиляпсизми, сарой галареяси эшигидан кириб бутун воқеликни ўз кўзингиз билан томошо қиляпсиз. Рассом сизга пешвоз чиқиш ниятида бир он картинадан бош кўтармоқда. Надималар ўрнидан туриб саломга шайланмоқда... Хуллас, сиз ҳам расмнинг ичида ҳам расмнинг ташқарисидасиз.
Асарнинг ўз даври учун янгиликларидан бири кўп марказли деб аталадиган услубда ишланганлигидир. Асарда уч марказ бор. Рассом, ойна ва малика. Ёруғлик ҳам шунга мувофиқ ўта мураккаб тарзда ишланган. 
Рассомнинг ўнг томонида малика Маргарита болаларга хос ҳурсандлик ва ҳайрат билан бизга қараб турибди. Расм номини белгилаган хизматчилар: Донна Изабел (ўнгда), Донна Мариа (чапда) жажжи маликанинг атрофида парвона. Ўнгда сарой лилипути Марибарбола ва масхарабоз Николас Пертусато. Уларнинг ортида маликанинг энагаси Донна Марсела ва қўриқчиси. Энг орқа планда кўринган эркак киши қироличанинг қўриқчиси Дон Жосе Нието Веласкездир. Расм сарой галареяси фонида ишланган. 
Бир ривоятга кўра, Веласкес ўлим тўшагида ётган пайтда қирол унинг хонасига кириб ўз қўли билан расмдаги рассомнинг кўксига қизил рангда хоч чизиб қўяди. Бу хоч Сантьяго суворийларининг рамзи ҳисобланади.
Бу расм кейинги асрларда Веласкесни “кубизм оқимининг асосчиси” сифатида талқин қилинишига йўл очган. Бунинг сабаби орқа фонда турган ойна детали ҳисобланади. Рассом бу ойна ёрдамида маконий ўлчамни ўзгартирган.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder