4.03.2015

Бадиий матнда тиниш белгиларининг поэтик актуаллашуви


БАДИИЙ МАТНДА ТИНИШ БЕЛГИЛАРИНИНГ ПОЭТИК АКТУАЛЛАШУВИ

Бадиий матндаги график образлилик, ифодалиликни юзага келтиришда кўп нуқта энг фаол воситалардан ҳисобланади. Меъёридан ортиқ қўрқув, қувонч, ҳаяжон, турли жисмоний ва ҳиссий оғриқ-изтироблар ва шунга ўхшаш аффектив ҳолатлар натижасида рўй берадиган нутқнинг эмфатик бўлакланиши, нутқнинг “ҳаприқиш”и бадиий матнда график жиҳатдан одатда кўп нуқта орқали ифодаланади. (1) Масалан, қуйидаги парчаларда аччиқланиш натижасида нутқнинг эмфатик бўлакланиши кўп нуқта воситасида график акс этган: − Мен, албатта, ўқийман, - деди Саидий ва жўрттага қизнинг қитиғига тегди, - сиз ҳеч бўлмаса эшикнинг тирқишидан дарс эшитишга ҳам розидирсиз?
- Қиз кибр билан бошини кўтарди:
- Мен... мен энг олдинги курсида ўтириб дарс эшитаман (А.Қаҳҳор, “Сароб” романи). Дино Кортенинг рангида ранг қолмади, у мурдадек гезариб кетганди.
 – Иккинчига?!! – унинг ичидан фиғонми, нидоми отилиб чиқди. – Учинчидан иккинчигами?! Шундайми?! Мен... Мени... адо қилдингларми?! Мен сенларга кўчириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!.. Мен сендақа манжалақи ҳамшираларнинг кўпини кўрдим! Сен, мен... (Х.Дўстмуҳаммад, “Жимжитхонага йўл” ҳикояси). Мен... Мен... – Дино Корте шундай деди-ю, профессорни танимай дудуқланди. – Сиз... (Х.Дўстмуҳаммад, “Жимжитхонага йўл” ҳикояси).
Баъзан асар қаҳрамони турли ҳиссий ҳолатлар билан боғлиқ ҳолда айтмоқчи бўлган фикрининг аниқ ва ўринли ифодаси учун зарур бўлган сўзни қидириб қолади. Ана шу сўз излаш жараёнида, табиийки, нутқ оқимида узилишлар бўлади, бу узилишлар, паузалар бадиий матнда кўп нуқта воситасида таъкидланади. Шу тарзда айни узилишлар поэтик жиҳатдан актуаллашади, яъни тегишли бадиий маънолар касб этади. Бундай узилишлар матннинг бутунлигини бузгандай, парчалагандай кўринади, аммо аксинча, айни узилишлар поэтик актуаллашувга кўра матн интеграциясининг кучайишида иштирок этади. Қуйидаги мисолларда буни кўриш мумкин: - Сен... нима десам экан... – секин, сўз танлашга қийналиб гап бошлайди Аваз. – Жудаям... тубан... махлуқсан. Ёмон кўргансан, лекин яшагансан. Яна тиржайиб яшагансан. Энди ўлганига қувоняпсан!.. Бундан ҳам баттарроқ... аблаҳлик бўлмаса керак (М.Бобоев, “Кечки троллейбус” киноқиссаси). – Йўқ, энди, бу гапингиз тўғри, - деди Мансур қийналиб ва сўзламоққа сўз қидириб. – Лекин, лекин... какликлар  камайиб қолган-ку (Ш.Холмирзаев, “Озодлик” ҳикояси).
Баъзи ҳолларда қаҳрамоннинг мураккаб ҳиссий ҳолати унга нафақат гапларни, балки сўзларни ҳам тўлиқ, охиригача талаффуз қилишга имкон бермайди ёки ахлоқ меъёрларига кўра сўзни тўлиқ талаффуз қилиш маъқул кўрилмайди. Бадиий матнда бундай ҳолатлар ҳам одатда кўп нуқта воситасида ифодаланади, демакки, кўп нуқта лингвопоэтик қиммат касб этади. Масалан: Ғилайнинг қорнидан оқаётган қон ерни қип-қизил қилиб ташлади.
- Мен... тўймай қолдим. Озгина нонингдан бер. Озгина... Нон... Но-о... (А.Дилмуродов, “Нон” ҳикояси). Шунда Султон Мирзо нари-бери юрганча ички бир ҳадик билан бот-бот қиблага тикилган, бот-бот кўкрагини чангаллаган, ахийри, сабри тугаб даҳшатга тушиб зорланган: - Йўқ, йўқ! Бундай яшаб бўлмайди, чидаб бўлмайди бунга! Одамкушлик бу! Истеъ... .Ҳотам, “Азал ва абад” қиссаси). Тушунган одам экансиз, барака топинг, шунинг учун сизга гапнинг дангалини айтган маъқул, тўғрими? – Т... тўғ... (Х.Дўстмуҳаммад, “Жимжитхонага йўл” ҳикояси). Мен рассом эмасман!.. Ким мақтаган бўлса, п... ебди! Ёлғон-н! (Х.Дўстмуҳаммад, “Нусхакашнинг меросхўри” ҳикояси).
График ифодалилик воситаси сифатида кўп нуқтанинг ишлатилиши бадиий матнда фақат персонаж нутқидагина эмас, балки муаллиф нутқида ҳам кузатилади. Кўпинча фикр оқими баёнида фикр қисмлари орасидаги мантиқий муносабатдаги кутилмаганлик ёки умуман, сўзларни ўзаро муносабатга кириштиришдаги, ўхшатиш яратиш ва шу кабилардаги ёзувчининг ўзига хос янгича қўллашлари, тутилмаганлик, оҳорлилик кўп нуқта орқали таъкидланади ва айни ўзига хос кутилмаганлик, тутилмаганликка алоҳида диққат қаратилади, бу ҳолатлар лингвопоэтик салмоқ олади. Масалан: Абдумаликдан бир нимани суриштиргиси келди, ҳатто товуш бериб чақирмоқ ниятида лаб жуфтлади-ю... овози чиқмади (Х.Дўстмуҳаммад, “Тўхтабойнинг бойликлари” ҳикояси). Охирги гапдаги фикр кўп нуқтадан олдинги гапдаги фикрдан мантиқан келиб чиқмайди, яъни мазкур икки фикр сабаб-оқибат муносабатида эмас, бир-бири билан боғланган икки гап сифатидаги синтактик конструкция эса мазкур муносабат ифодасини назарда тутади. Одатда оғиз жуфтлангандан (сабаб) кейин бу ҳаракатнинг оқибати сифатида гапирилиши керак, бу кутилган ҳаракат бўлади. Аммо матнда кутилмаган ҳаракат (овози чиқмади) воқе бўлган. Ана шу кутилмаганликни бадиий таъкидлаш учун кўп нуқта ишлатилган. Ёки: Оналар... тасбеҳдай-тасбеҳдай тизилиб ўтирди (Т.Мурод, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романи). Оналарнинг тизилиб ўтиришини тасбеҳ доналарининг тизилишига қиёслашда ҳам кутилмаганлик, оҳорлилик бор ва бу ҳол поэтик таъкид олган.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин:
Кўз ёшини кўрсатмас шоир –
Шоир фақат... “ичиши”  мумкин! (М.Юсуф, “Шоир” шеъри).
Ибн Муғанний аламидан лабини тишлади, ғудраниб, бўғилиб қорни, совуқни... иложсизликни сўкди (Х.Дўстмуҳаммад, “Ибн Муғанний” ҳикояси). Фақат у бир қанча одимни оғир ўй остида ўтди ва... изига қайтди (Х.Дўстмуҳаммад, “Тўхтабойнинг бойликлари” ҳикояси).
Бадиий матнда кўп нуқта суҳбатдошнинг гапириши лозим бўлган вазиятдаги сўзсизлигини ҳам ифодалаши мумкин. Бу график образлилик воситаси бадиий матнда персонажнинг гапирмаган гапини “гапиртиради” ва йўқ гапни поэтик актуаллаштиради. Қуйидаги мисол бу фикрни далиллайди:
- Ҳозиргина дунёда э-энг бағри тош одам бўлиб туюлган эдилар-ку?
- ...
-Аввал ачиндинг, кейин яхши кўриб кетдингми? (Х.Дўстмуҳаммад, “Беозор қушнинг қарғиши” ҳикояси)
Кўп нуқтанинг бундай график образлилик воситаси сифатида қўлланиши фақат юқоридаги ҳолатлар билангина чекланмайди. Айни пайтда бошқа тиниш белгиларининг ҳам ана шундай график образлилик ифодаси учун қўлланиши хилма-хил ҳолатларда кузатилади.
А д а б и ё т:

1.Қар.: Еремина Л.И. Графика как средство изобразительности в произведениях Л.Н.Толстого // Очерки по стилистике художественной речи. – М.: Наука, 1979. − С.101-102.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder