9.03.2015

Шеър ўқиганда...


ШЕЪР ЎҚИГАНДА...

Шеър нима учун ўқилади? Сийқаси чиқиб, ортиқ жавоб талаб қилмайдиган, шалоғи чиққан савол бу, биламан. Аммо шундай бўлса ҳам яна шу саволни бераман, ўзимга ўзим. Жавобимни сиз билан ўртоқлашаман, табиийки. Камида сиз эмас, мен нима учун шеър ўқийман? Нима учун шеър ўқишим керак? Шу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламан. Шу кунга қадар нега ўқиганлигимни сўроқламасдан туриб шунча шеър ўқидимми?
Ҳар кун, бир марта бўлсин, бир шоирнинг шеър китобини қўлимга оламан. Битта бўлса ҳам шеърини ўқийман. Бу мутолаа менга икки хил кайфият беради. Биринчиси, нафрат, иккинчиси ҳайрат. Очиғи, иккинчиси камроқ кузатилади. Нега нафрат? Шеър тозалаши керак эмасми, негатив туйғуларни. Аслида шундай, назарияда ёзилгани шу. Амалиётда баъзан китобни отиб юборишга мажбур қиладиган даражада ғазаблантиради, шеър ҳазратлари!
Мен шеър ўқиганда кўпроқ шоирнинг метафорасига эътибор бераман. Шунга кўра баҳо бераман: шеърга ҳам, шоирга ҳам. Метафоранинг эски ёки янгилиги, поэтик кўлами ва имконлари, лисоний ва мантиқий жиҳатлари билан қизиқаман. Баъзи шоирлар шу даражада жўн ва сийқасиз метафораларни қўллашадики, буни шеър сифатида тақдим қилишдан ҳам уялишмаганига ҳайрон қоламан. Тарвузни ёрсанг ичи қизил чиқишини билиш учун шеър ўқишга эҳтиёж сезмайман мен. Шунчаки бир гапнинг зийнатланган товоқда тақдим қилинишига ҳайрон қолмайман, асло. Баҳорда гуллаган наъматак, ўрик ва ҳоказо табиатда мени ҳайратга солиши аниқ, аммо унинг қофияга солинган шакли олдида мутлақо ҳиссиз қолишим мумкин. Ахир, ўзи доим кўрадиган, кўриши мумкин бўлган ва ҳузурланиб томоша қилиши мумкин бўлган нарсани ўқиш учунгина шеър ўқимаса керак инсон. Бунинг учунгина шоирнинг китобини сотиб олмаса керак...
Мен шеърдан дин ҳам, тарих ҳам, грамматика ҳам қидирмайман. Чунки ўқув қўлланмаси эмаслигини билиш учун университетни тамомламадим. Шеър билим бермасин, буни истамайман зотан. Аммо руҳий чанқоғимни қондирсин. Маънан суҳбатдошим бўлсин. Дарддошим, дилдошим бўлсин. Имконсиз нарсани сўрадим чоғи?.. Тўғри, шоирларнинг эгоси кучли бўлади, худди ўзларига ўхшаб шеърлари ҳам сизни тинглаш ўрнига ақл ўргатишга мойил бўлади. Дарддош бўлиш ўрнига ҳасратини ағдаради устингизга. Лекин ҳаммаси ҳам эмас, албатта. Шу ўринда бир иқтибос. Л.Кассиль бир китобида шундай бир фактни келтиради. Маяковскийга мунаққидлар дашном қилибди: "Сизнинг шеърларингиз одамни тўлқинлантирмайди, улардаги туйғу одамга юқмайди." Шунда Маяковский қуйидагича жавоб берибди: "Менинг шеърларим денгиз ҳам эмас, печка ҳам эмас, вабо ҳам эмас!" Ким ҳақли?! Бунга сиз қарор беринг. 
Мен шеърдан метафора қидиришимни айтдим. Чунки шоирнинг тасаввури ва тасвири, хаёли ва ифодаси, туши ва таъбири оддий одамдан фарқли эканлигига ишонаман. Ҳақиқий шоирнинг хамиртуруши ўзгача эканлигига чиндан ишонаман. Чунки уларнинг, масалан, бир тошга қараб кўргани билан менинг тошга қараб англаганим ўртасида фарсаҳ-фарсаҳ масофа бор. Шеър ўқиб, тошнинг тош эмаслигини фарқлаш, унинг ҳам қалби борлигини англаш ҳам ҳузурли ҳам ҳайратли. Тошларнинг фақатгина шафқат қаршисида ҳимоясиз эканликларини ҳеч қайси ўқув қўлланмасидан тополмайсиз, ахир. Тошга гул тутиш мумкинлигини хаёл қилишни ҳеч қайси дин китоби ўргатмайди. Гулнинг фақат оқ, қизил, сариқ, арғувон эмас, шафқат рангида бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш нақадар тотли. Шафқатни рангли тасаввур қилиш нақадар ҳузурли. Буни шеърдан бошқа қайси китобда ёзиш мумкин? Тошнинг меҳр билан қўл узатиши, ҳатто йиғлаши мумкинлиги хаёлингизга келадими, шеърсиз? Гапнинг индаллоси, шеър ўқиган инсон, камида, тошларнинг тош эмаслигини фарқлаши лозим.

Одам тарошламоқ бўлсангиз тошдан,
тошни силанг,
имкон қадар кўргазинг меҳр.
Тошлар фақат шафқат олдида
ҳимоясиздир.
Тошга гуллар тутинг,
нимпушти гуллар -
шафқат рангидаги гулларни тутинг.
Тош, албатта, чўзар қўлини,
гулингизни олар,
қўлингизни ўпар,
йиғлаб юборади, ишонинг, шу тош. (Фахриёр: Аёлғу китобидан)

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder