7.03.2015

Америка ҳиндуларининг ҳикматли сўзлари


Америка ҳиндуларининг ҳикматли сўзлари

Орқамда юрма, йўлбошчинг эмасман. Олдимга ўтма, муридинг эмасман. Сенга эргашиб юра олмайман. Ёнимда юр. Сени кўриб турай, шунда иккимиз тенг бўламиз. 
***
Овламоқчи бўлсанг энг заиф кийикни овла. Соғломлари насл сурдириши зарур.
***
Тинчлик ва бахт ҳар онда мавжуд. Тинчлик ва бахт ҳар одимда бор. Руҳият масалаларида сиёсатга ўрин йўқ.
***
Бошқа бировнинг камчилиги ҳақида гапиришдан олдин ўз чориғингнинг ичига боқ.
***
Битта душман кўп, юзта дўст оздир.
***
Бир марта “мана буни ол” дейиш, икки марта “мен бераман” дегандан афзалдир.
***
Тўхта, тингла. Тинмай гапираверсанг ҳеч нимани эшитолмайсан.
***
Душманимни кучли ва жасур қил. Агар уни енгсам хижолат бўлмайман.
***
Агар соя инсон бўйидан узун бўлса, демак қуёш ботаётган бўлади. 
***
Агар ҳар ким биттадан муҳтожга ёрдам берса, ер юзида эҳтиёжманд қолмайди. Ҳар кун бир кишига ёрдам бер!
***
Кўзда ёш бўлмаса, руҳда камалак ҳосил бўлмайди.
***
Кўзинг билан эмас, қалбинг билан қарор қил.
***
Билим мозийдир, ҳикмат эса истиқбол.
***
Ҳар бир киши фарқли туш кўради. Буни эслаб туришда ҳикмат бор.
***
Хиёнат дўстлик занжирини занглатади; вафо эса ялтиратади.
***
Баҳорда ерни аста бос, чунки тупроқ унга хомиладордир.
***
Инсоннинг ичида бири яхши бири ёмон иккита ит доим уришиб яшайди. Қайси бирини кўпроқ боқсанг ўша ғалаба қилади.
***
Инсон табиатдан узоқлашган сари қалби ҳам қаттиқлашиб боради.
***
Инсон кўзи айтган сўзларни тил талаффуз қила олмайди.
***
Бургутни унинг пати безаган ўқ билан уриб туширадилар.
***
Мағлубиятни номардлик билан қозонилган ғалабадан кўра афзал бил. Биринчиси бир муддат қийнайди, иккинчиси эса бир умр.

/Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder