19.03.2015

Сўз ва бадиият

СЎЗ ВА БАДИИЯТ

Адабиётнинг сўз санъати эканлиги ҳақидаги ҳақиқат жуда қадим замонлардан бери такрорлаб келинади. Демакки, адабиётнинг бош унсури сўз, умуман, тилдир. Адабий асарнинг абадий асар даражасига кўтарила билиши унинг лисоний таркиби ва асар муаллифининг бадиий ифода балоғатига боғлиқ эканлиги шубҳасиз. Шундай экан, ҳар қандай адабий асарнинг моҳиятини холис баҳоламоқ учун, энг аввало, унинг лисоний таркибининг ўзига хослиги таҳлил этилмоғи лозим.
Тил ва ёзувчи ўртасидаги муносабатни шахмат ва шахматчи ўртасидаги муносабатга қиёслаш мумкин. Шахматда ҳар бир донанинг мавқеи, даражаси, шахмат тахтаси устидаги ҳаракатланиш қоидалари аввалдан белгиланган. Ана шу қоидаларни тугал эгаллаш оқибатида юзага келган юксак маҳорати туфайли шахматчи тамоман янги, кутилмаган юришлар қилади, бетакрор комбинациялар яратадики, бу унга рақибини мағлуб ва мухлисини мафтун қилиш имконини беради. Тилда ҳам ҳар бир унсурнинг ўз вазифаси, маъно доираси, бошқа унсурлар, бирликлар билан боғланиш қонуниятлари мавжуд. Ана шу қонуниятлардан мукаммал бохабар бўлган, бадиий диди, сўз сезгиси ва маҳорати юксак ёзувчи бетакрор тасвир, кутилмаган, оҳорли бадиий лавҳалар, сўз чақинларини пайдо қила оладики, китобхон адибнинг нафақат ғояси, балки гўзал тилининг асирига айланади. Бунда ёзувчи умумхалқ тилидаги бадиий тасвирга фавқулодда мувофиқ бирликларни танлаш, саралаш ва сайқаллаш асосида, лисоний-бадиий қонуниятлардан келиб чиққан ҳолда уларга юклаган хилма-хил бадиий-эстетик маънолар ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романида тил бирликларини, хусусан, сўзларни ўринли танлаш ва қўллаш билан боғлиқ ўзига хос жиҳатлар жуда кўп. Чўлпон танлаб қўллаган ҳар бир сўз ўзининг ифода имкониятларини бутун борича намоён этган.
Романда тасвирланишича, Акбарали мингбошининг кенжа хотини Султонхон Зебининг қўшиқларини тинглагач, бу ажойиб овоз соҳибасини хонадонига таклиф этади. Бироқ бу таклифи билан у ўз бошига не-не ғавғолар сотиб олаётганини аввал билмайди. Мингбоши учига чиққан хотинбоз, у Зебининг овозини эшитса, бу гўзал қизга совчи қўйиши мумкинлигини Султонхон кейин англаб қолади. Энди бундан қутулишнинг йўлини топиш керак. Султонхон йўл излаб, хонадоннинг югурдаги Умринисабибига маслаҳат солади: Келинчак (Султонхон) Умринисабибининг кўзларига бир оз тикилиб тургач: - Шу тобда онам нотоб бўлиб чақиртирса, хафа бўлмас эдим! – деди (41). Ушбу жумладаги ҳолат ифодасида нотоб сўзининг танланиши адибнинг сўз ҳассосиятидан далолат беради. Бу сўзнинг ўрнига бетоб ёки касал сўзини қўллаш мумкинмиди? Албатта, мумкин эди. Ҳар учала сўзда ифодаланган денотат бир хил, яъни уларнинг асосий маъносида жиддий фарқ йўқ. Аммо бу сўзлар бўёқдорлиги, субъектив муносабат ифодаси даражаси, қўшимча маъно қирраларига кўра бир-бирларидан фарқ қилади. Жумлада қўлланган нотоб сўзи бетоб ва, айниқса, касал сўзига нисбатан юмшоқроқ, ҳиссийроқ, унинг маъносида субъектнинг онага бўлган ижобий муносабати аниқ ифодаланган. Шунинг учун ҳам нотоб сўзи сўзловчининг руҳий ҳолатига ҳам, мавқеи (фарзандлик) га ҳам мувофиқ келади. Султонхоннинг «онамга озор етмасмикин» деган маънодаги ботиний андишаси ва айни дамдаги иложсиз бир ҳолати бу сўзга кўра жуда чиройли ва аниқ ифодаланган (Таассуфки, «Кеча ва кундуз» романи асосида ишланган видеофильмда мазкур эпизодда бетоб сўзи ишлатилган. Натижада ёзувчи бетоб сўзини қўллаш орқали юзага келтирган юмшоқлик, андишалилик каби нозик маъно қирралари йўқолган). Романдан бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.
Ҳар қандай бадиий асар тилида ёзувчининг сўзга муносабати, сўз танлаш ва сўз қўллашдаги ўзига хослиги муҳим ўрин тутади. Зотан, айнан сўзларни, умуман, тил воситаларини қўллашда ёзувчининг ўзига хос услуби намоён бўлади.
Бадиий адабиётнинг бош хусусияти образлилик, образли фикрлаш эканлиги жуда кўп таъкидланган. Шунинг учун ҳам Г. В. Степанов «Бадиий ижод, энг аввало, образ яратиш бўлиб, унинг биринчи унсури сўз-образдир» деб ёзган эди. Айтиш лозимки, бадиий ифода-образнинг яратилишида тил бирликлари орасида сўзнинг ўрни бениҳоя каттадир. В. В. Виноградов ўзининг «Стилистика. Поэтик нутқ назарияси. Поэтика» асарида таъкидлаганидек, «образ учун материал бўла олмайдиган сўз ва лисоний шакл йўқ. Фақат уларни бадиий образлилик мақсадида қўллаш стилистик ва эстетик жиҳатдан асосланган бўлиши зарур». Бадиий асардаги ҳар бир сўз яхлит образлилик ичида яшаганлиги, бадиий мақсадга бўйсундирилганлиги учун ҳам муқаррар равишда образлилик касб этади. Шунинг учун ҳам рус шоири Ф.И.Тютчев шеъриятида сўзнинг лингвопоэтикасини ўрганган А.Д.Григорьев поэтик нутқда фақат кўчма маънодаги ёки айрича қўлланишдаги сўзларгина эмас, балки ўзининг бевосита тўғри маъноси билан қўлланган сўзлар ҳам алоҳида диққатга сазовор эканлигини таъкидлайди. Чунки чиндан ҳам, бадиий нутқда ҳатто ўзининг тўғри маъноси билан қўлланган сўз луғатдаги айни шу сўз билан айнан тенг эмас. У эстетик бутунлик бўлган яхлит бадиий асар матни таркибида бошқа сўзлар билан фақат семантик-грамматик жиҳатдангина эмас, балки ҳиссий-эстетик жиҳатдан ҳам муносабатда бўлади. Натижада бу сўз ҳам эмоционал-экспрессив таъкид билан идрок этилади.
Г.О.Винокур поэтик тил тушунчасининг моҳияти ҳақида гапирар экан, ҳар қандай поэтик сўз тилдаги реал сўздан ўсиб чиқишини, санъатда тасвирланган оддий бир факт у ёки бу даражадаги умумлашма қиёфасини олгани каби сўзнинг оддий тўғри маъноси ҳам янгидан-янги маънолар, ўзгача мазмунлар касб этишини кўрсатиб ўтади. Бунинг биргина мисоли сифатида А.Толстойнинг «Нон» («Хлеб») номли романини эсга олиб, роман бевосита нон сўзи ифодалаган маънодаги нон ҳақида эмас, балки рус тарихидаги йирик тарихий давр ҳақида эканлигини, аммо айни чоқда роман нон ҳақида ҳамлигини, чунки ёзувчи худди шу нон образи орқали ўша даврнинг муҳим қиррасини очиб берганлигини таъкидлайди. Худди шунингдек, Чўлпоннинг «Бинафша» шеъри, Фитратнинг «Қиёмат» ҳикояси, Асқад Мухторнинг «Чинор», Мирмуҳсиннинг «Меъмор», Парда Турсуннинг «Ўқитувчи» романлари каби асарлар учун ном бўлган мазкур сўзларнинг маъноларини ҳам юқоридагича талқин ва таҳлил қилиш мумкин. Бу сўзлар айни асар таркибида ўзларининг бир эмас, бир қанча маънолари, маъно нозикликлари, бошқа сўзлар билан нисбатланганда пайдо бўладиган мазмуний ўзгачаликлари билан намоён бўлади.
Сўзнинг маъно қурилишидаги бундай ўзига хосликларнинг воқеланиши заминлари ҳақида атоқли француз тилшуноси Ж. Вандриес қуйидагича ёзган эди: «Сўз бизнинг онгимизга ҳеч қачон ёлғиз ҳолда кирмайди. Ҳатто фақат бир сўз бир маъноси билан бизнинг онгимизда иштирок этганда ҳам, бу сўз билан нозик иплар билан боғланган, аммо сояда қолаётган бошқа жуда кўплаб тушунча ва эмоциялар ҳар дақиқада онгимизга бостириб киришга тайёр ҳолда туради. Онгимиз орқали ўтадиган сўзлар бизнинг ақлий ва ҳиссий ҳаётимиз билан узвий боғлиқ бўлади» (Вандриес Ж. Язык. - Москва, 1937, с.176.).
Таъкидлаш лозимки, бадиий тил ўзининг бевосита ифодасини, энг аввало, ёзувчининг сўз қўллаш санъатида топади.
Сўз қўллашнинг санъат даражасида ёки санъат даражасида эмас эканлигини баҳолаш учун, энг аввало, сўз, унинг маъноси ва бу маънонинг тузилишини аниқ тасаввур этиш лозим. Албатта, сўзнинг қўлланиши билан боғлиқ ҳолда юзага чиқадиган қўшимча маъно нозикликлари, мазмун ўзгачаликлари турли тасвир усуллари ва воситалари орқали реаллашиши мумкин. Аммо таъкидлаш жоизки, бундай қўшимча маъно нозикликлари аксар ҳолларда, аввало, сўз маъно қурилишининг ўзида имконият сифатида мавжуд бўлади, улар сўзнинг маъно қурилиши таркибида илгаридан қайд этилган бўлади.
Тилдаги номинатив бирликларнинг маъно тузилишини ўрганишда тилшуносликда семантиканинг коннотатив жиҳати тушунчасига алоҳида эътибор қилинади. Бу масалани монографик тарзда тадқиқ этган В.Н.Телия таърифича, «коннотация - тил бирликлари семантикасига узуал ёки окказионал равишда кирадиган, нутқ субъектининг борлиқни жумлада ифодалашида унинг айни шу борлиққа бўлган ҳиссий-баҳолаш ва стилистик муносабатини ифодалайдиган ҳамда шу ахборотга кўра экспрессив қиммат касб этадиган мазмуний моҳият»дир (Телия В.Н. Коннотативный аспект семантики номинативных единиц. - Москва: Наука, 1986, с.5). Коннотация, таърифдан кўриниб турганидай, сўзловчининг борлиқни ифодалаш воситаларига муносабатига дахлдор бўлган жиҳатдир. Масалан, юз, бет, чеҳра, рухсор, афт, башара, турқ каби сўзлар қаторидан тегишли нутқ вазияти ва субъектив нуқтаи назарга мувофиғини танлаш сўзловчининг ўзига берилган имконият эканлиги маълум. В.Н. Телия таъкидлаганидек, бундай сўзлар семантикасида «сўзловчининг ифодаланмишга бўлган муносабати ҳақидаги информация кодлаштириб қўйилган бўлади ва жумла қурилар экан, худди сиқилган пружина қўйиб юборилгандай, бу информация дарҳол ишга тушади», демак, луғат бирликлари фақат номинатив фаолият учунгина эмас, балки прагматик фаолият учун тайёр материал бўлиши мумкин. Тадқиқотчи айни шу ўринда ана шу мулоҳазаларга асосланган ҳолда сўзнинг семантик қурилишида номинатив жиҳатга қўшимча коннотатив жиҳатнинг бўлиши нутқий тежамкорлик учун ёрдам беришини ҳам таъкидлайди.
Чиндан ҳам, тилдаги жуда кўп сўзларнинг семантик қурилишида бир пайтнинг ўзида ҳам ифодаланаётган предмет, ҳам нутқ субъектининг бу предметга ўз муносабати, унинг сўзлаш пайтидаги ҳиссий ҳолати, руҳияти ҳақидаги ахборотлар акс этган бўлади. Сўзловчи ўз субъектив-ҳиссий ҳолатига мос тарзда тегишли бир сўзни танлайди ва жумлани тузаверади. Агар сўзда айни коннотатив жиҳат мавжуд бўлмаса, сўзловчи ўз ҳолатини акс эттириш учун бу сўздан ташқари яна бир қанча тил бирликларини жумлага олиб киришга мажбур бўлиши тайин. Бунда, табиийки, тил воситалари тежалмайди. Демак, сўзда ҳам номинатив, ҳам коннотатив маъно узвларининг мавжуд бўлиши тил воситаларини тежаш тамойилининг ҳаракатига йўл очиб беради.
Коннотация семантиканинг экспрессив қийматга эга бўлган узви сифатида номлаш жараёнларидаги борлиқни баҳолаган ҳолда идрок қилиш ва акс эттириш маҳсули ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг асосий вазифаси нутқнинг прагматикаси билан бевосита ва узвий боғлиқ бўлган таъсир этишдир (Қаранг: Телия В.Н. Кўрсатилган асар, 21-б.)
В.Н. Телия сўзнинг лексик маъносини, камида, уч макроузвнинг комбинацияси сифатида тасаввур этиш мумкинлигини айтади: 1) маънонинг борлиқдаги муайян реалликни ифодаловчи денотатив узви; 2) категориал-грамматик узви; 3) нутқ субъектининг сўз  орқали ифодаланган нарсага муносабатини англатадиган эмотив-модал узви. Ана шу учинчи узв экспрессив бўёқ, услубий бўёқ, эмоционал бўёқ, субъектив баҳо каби тушунчаларни умумлаштирувчи коннотатив маънолардир.
Бундай узвнинг мазмун-моҳияти ўзбек тилшунослигида ҳам анча кенг очиб берилган. Масалан, «Ўзбек тили лексикологияси» (Тошкент: Фан. 1981.160-бет) китобида сўз нарса-ҳодисани ифодалаши баробарида кўпинча шу нарса-ҳодисага сўзловчининг субъектив муносабатини ҳам англатиши алоҳида таъкидланган: «...Луғат составидаги сўзларни кузатиш уларнинг баъзилари бирор нарса, ҳодисаларни атабгина қолмай, айни пайтда сўзловчининг ифодаланаётган тушунчага ўз баҳосини, муносабатини ифодаланишини ҳам кўрсатади. Бу муносабат доирасига қараб, эркалаш, қойил қолиш, нафратланиш, жирканиш, киноя каби хилма-хил эмоционал муносабат кўринишлари киради. Хусусан, азамат, ўктам, қойилмақом, сўлқилдоқ, бопламоқ, олчоқ, малъун, разил, сатанг, санқи, асфаласофин, миёнги, қойил, дўндирма, момоқаймоқ каби сўзлар, маълум тушунча англатишдан ташқари, сўзловчининг шу тушунчага лоқайд қарамаслигини, аксинча, ижобий ва салбий эмоционал муносабатда эканлигини ҳам кўрсатиб туради. Бу баҳо элементи тингловчи томонидан ҳам одатда сўзловчи назарда тутгандагидек идрок этилади. Тилшуносликда бундай хусусиятга эга бўлган лексика эмоционал-экспрессив бўёқдор лексика, стилистик бўёқдор лексика, экспрессив-стилистик лексика терминлари остида ўрганилмоқда».
Ўзбек тилшунослигида сўз маъносини систем тадқиқ этиш борасида яратилган ишларда ҳам маъно тузилишидаги мазкур уч жиҳат аниқ кўрсатиб берилган. Профессорлар Ҳ. Неъматов ва Р. Расуловлар ўзбек тили лексикасини узвий (компонент) таҳлил асосида ёритар экан, сўз маъносининг таркиби ҳақида қуйидагиларни ёзадилар: «Маъно хусусиятига кўра семема таркибидаги семалар уч хил бўлади:
1.Аташ семалари (денотатив семалар).
2.Ифода, тасвир, қўшимча маъно семалари (коннотатив семалар).
3.Вазифа семалари (функционал семалар). (Неъматов Ҳ., Расулов Р. Ўзбек тили систем лексикологияси асослари. - Тошкент: Ўқитувчи, 1995, 58-бет.)
Ўзбек тилшунослари ифода семаларини мана бундай таърифлайдилар: «Ифода семалари деганда семема таркибидаги аташ семасидан ташқари турлича қўшимча маъноларни (услубий бўёқни, шахсий муносабатни, қўлланиш доирасини) англатувчи семалар тушунилади».
Айтиш лозимки, ифода семаларининг семема таркибида доимий қайд этилган ва муайян шароитларда юзага келадиган турларини фарқлаш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ҳам «Систем лексикология» муаллифлари бу муносабат билан таъкидлайдиларки, ифода семалари семема таркибида, албатта берилган бўлади, тилшуносликда лексемаларни фарқловчи семема таркибидаги ифода семалари (ингерент коннотация) ва муайян шароитдагина (матнда, кўпинча кўчма маънода ишлатилганда) ҳосил бўладиган ифода семалари (адгерент коннотация) фарқланади. Масалан, юз, бет, чехра, рухсор, афт, башара, турқ парадигмасидаги ифода семалари узуал равишда семема таркибига киради, чинор сўзи семемасида юзага келадиган «умрбоқий», «мустаҳкам» «улуғвор» каби ифода семалари узуал равишда семема таркибига кирмайди, балки муайян матнда, нутқ шароитида, яъни окказионал равишда юзага келади ва уларнинг семема таркибидаги мавқеи ҳам окказионал бўлади.
Тил ўзининг эстетик вазифасини бажаришида коннотатив маънолар фавқулодда муҳим роль ўйнаши табиий. Ёзувчининг тил маҳоратини таъминлашда лексема семемаси таркибига кирадиган ифода семалари, яъни ингерент коннотация ҳам, муайян нутқ шароитида юзага келадиган ифода семалари, яъни адгерент коннотация ҳам иштирок этади. Коннотация семаларининг ўз ўрнида, бадиий тасвир мақсадига тамомила мувофиқ тарзда реаллашишини таъмин этиш ёзувчи маҳоратининг даражасига боғлиқ.
Сўзнинг маъно қурилиши таркибига кирадиган ифода семаларини Ҳ.Неъматов ва Р. Расуловлар қуйидагича гуруҳлаштирадилар: 1) ижобий ёки салбий баҳо, муносабат семалари; 2) лексеманинг қўлланиш доирасини белгиловчи семалар («сўзлашув нутқига хос», «китобийлик», «кўтаринкилик», «ғайри оддийлик», «назмга хослик», «маълум бир тоифа нутқига хослик (арго, жаргон)», «шевага хослик» ва б.); 3) лексеманинг даврга муносабатини ифодаловчи семалар («эскирганлик», «янгилик», «ўта замонавийлик» ва б.), (Неъматов Ҳ., Расулов Р. Кўрсатилган асар, 106-бет.). Аммо айтиш лозимки, бу таснифда коннотатив семаларнинг яна бир гуруҳи эътибордан четда қолганга ўхшайди. Маънодош сўзларнинг фарқли жиҳатлари ҳақида гапирар экан, профессор А. Ҳожиев: «Синонимик қатордаги сўзлар тушунчанинг белгисини турли даража билан ифодалаши мумкин. Синонимик қатордаги баъзи сўзлар белгини нормал даража билан (нейтрал) ифодаласа, баъзилари кучли даражасини кўрсатиши мумкин, айримлари кучсиз даража билан ифодалайди. Масалан, овора, сарсон, саргардон синонимик қаторида овора сўзи белгининг  кучли-кучсизлигига нисбатан нейтрал ҳолатда. Сарсон сўзи белгининг кучлироқ даражасини кўрсатади. Саргардон сўзида  эса белги даражаси яна ҳам кучлироқ» - деб ёзади (Ҳожиев А. Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати. - Тошкент: Ўқитувчи, 1974, 4-бет.). Демак, ифода семалари орасида алоҳида «белгининг кучли-кучсизлигини кўрсатувчи семалар» гуруҳини ҳам ажратиш мақсадга мувофиқ кўринади.
«Кеча ва кундуз» романидаги лисоний бирликларда Чўлпоннинг маҳоратига кўра мазкур ифода семалари қабариқ ҳолда реаллашган ва адибнинг бадиий-эстетик мақсадига хизмат қилган. Роман тилидаги маънодош сўзлар (синонимлар), зид маъноли сўзлар (антонимлар), кўп маъноли (полисемантик) сўзлар, тарихий ва архаик сўзлар, янги ясалмалар, шевага оид сўзлар, чет (варваризм) ва дағал (вульгаризм) сўзларни лингвистик ва поэтик жиҳатдан таҳлил этиш орқали Чўлпоннинг бадий тил маҳоратининг муҳим бир қиррасини ўрганиш мумкин.
Чўлпон сўзининг сирлари, Тошкент: Маънавият, 2002 й

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder