22.02.2015
Asqad Muxtor
YO‘L
Ostonamdan taralgan yo‘llar
Eslatadi quyosh nurini.
Uzoq-uzoqlarga ketib, uzayib,
Uzaytadi mening umrimni.
Yurganlarni daryo deydilar,
Daryo — cheksiz umr ertagi.
Bir kun uyda o‘ltirib qolsam,
Hayot go‘yo chetlab o‘tadi.
Ko‘rganing — seniki, der edi bobom,
Ellarni, dillarni kerak ko‘rishim.
Ochilmagan qo‘riq, noma’lum yulduz
Bari-bari — mening ulushim.
Ijod dardi — yo‘l azobidir,
Mayli, bo‘lsin tumanlar quyuq.
Ruhim bilan yo‘lda ekanman,
Umrimning ham nihoyasi yo‘q...
Etiketler:
Askad Muhtar,
Asqad Muxtor,
Yol,
Аскад Мухтар,
Асқад Мухтор,
Йўл
21.02.2015
Баста Сакалли
Ёш ва истеъдодли турк шоираси Баста Сакалли ўзининг "İhlal" (2009), "Bir Sen Vakti" (2006), "İnadına Sevdalı" (2003), "Kar Yanığı" (2002), "Papatya Seferleri" (2001), "Barış Tüten Mavilik" (2000) номли шеърий китоблари билан шеърият мухлислари эътирофига сазовор бўлди.
Шоира бир суҳбатида шеър ҳақида шундай дейди: "Ёзилган ҳар бир шеърда ҳаёт янгидан дунёга келади. Яшаб ўтилган пайтда фарқланмаган маълум бир он шеърда қайтадан туғилади. Унутилган бир ҳис, бир туйғу, қандайдир қўрқув-андиша, унутилмаган дард-алам, ҳужраларимизга ёйилган исён, зимзиё осмонда порлаган ойдек бир онда чиқиб келади шеърлар орқали. Яшаб ўтилган ҳаётга қайтадан яшаш имкони беради шеър. Шеър шоирнинг қалб овозидир." Бугунги шеър зиёфатимизда Баста Сакаллининг "ва" деб аталган шеъри бор. Марҳамат!
ва
ёза бошладим
"бундай бошланмайди" дедилар
"ва икки гапни боғлар" дедилар
"ва деб бошлаб бўлмас" дедилар
бошладим
тингламадим уларни
"ва" ила бошладим
аслида сўнгсиз бўшлиқ бор аввалида
улар кўра олмадилар
улар фақат уқтирилганни билишар
мени асло тушунмаслар
***
"ва" билан бошладим
чунки давом этиш овозимдир "ва"
"ва" дедим ўзимга
"ва" дедим ақлимга
"ва" дедим қалбимга
уйғотдим уларни
силтадим
суғуриб олдим мудроқ
кўзларидаги аллаларини
***
уйқуда ҳам тушларимда ҳам
"ва" деб айтдим тинмадим
"ва" бақирдим
"ва" сўзладим
"ва" басталадим
ҳам бир марта эмас
юз марта айтдим
хатто охирига бир "а"ни қўшиб
"ваа" дедим
ҳаяжонга солмоқ истадим
ҳаяжонингдан
қониб қониб ичмоқ истадим
***
чунки ёзмасам
унутардик барча барчасин
унутардик орзуларни ҳам
умид бермоқ учун
қилдим атайин
***
боғда тошни ёриб унган зариф ўт ишонтирди мени
қояларни тешиб оққан сув
Эрнст Хеменгуейнинг "Чол ва Денгиз"
асаридаги кубалик балиқчи
"12 йиллик асорат" фильмидаги Соломон Нортуп
ҳар доим шу ерда тургувчи уйим
бу стол
бу қалам
менга дарддош бўлган эски ўйинчоғим ишонтирди
бўлмаса мен ҳам йўқ эдим
бўлмаса мен ҳам бўлмасдим
***
аммо ёздим
"ва" дедим
***
топдим "ва"ни
хатто топганим он бўлдим "ва"ни
кўпайсин деб бошланғичлар
кўпайсин деб давом этиш эҳтимоли бўлган ҳаётлар
нафас олсин дея жой очдим
"ва" дедим
***
қоронғу тунларни ёритдим "ва" билан бирга
вақтлар оқди тун ва кун ила
дунёдаги ҳамма қумни оқиттим пастга
умр бир йўлдир дедим
умид бир уйдир
давм эт
/М.Юлдашев таржимаси
Геза Сеч
Геза Сеч
Можор шоири, носир ва драматург Геза Сеч (Géza Szöcs, 1953) шеърияти бениҳоя ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бугунги саҳифада шоирнинг бир шеърини ҳукмингизга ҳавола қиламан.
Гилам
Сен тўқимасанг ҳам
Мен тўқийман уни,
ёхуд кимдир тўқийверади...
Масалан, синглим келиб тўқир
Тўқийди, албат,
хатто кечалари келиб тўқийди...
Ҳа, синглим келиб тўқир
бўлиб-бўлиб,
тунлар аро, кечалар аро
тўқийди, албат...
Тўқиб бўлинади гилам
ва учар сўнгра
айтар баралла:
Бошқа бировлар маҳв этган
бетакрор замон парчасидир ёшлик...
Сен қандай хоҳласанг
шундай англагин,
аммо бу шундайдир...
Шундайдир, ахир...
Сен қандай англасанг
англайвер...
/М.Йўлдошев таржимаси
20.02.2015
Донишманд қария
Донишманд қария
Қаҳратон қиш кунларидан бирида подшоҳ кийимларини ўзгартириб юрт кезишни
ихтиёр қилибди. Ёнига вазирини олиб йўлга чиқибди. Улар дарё бўйида ўтирган
кекса бир одамни учратишибди. Қария қўлидаги териларни сувга ботириб уриб-уриб
ошлаётган экан. Подшоҳ қарияга яқинлашиб салом берибди:
-Ассалому алайкум,
эй, пири фоний!
-Ваалайкум ассалом, эй, сардори жаҳон!
Подшоҳ сўрабди:
-Олтиларда нима қилдинг?
-Олтига олтини қўшмасак ўттиз иккига увоқ ҳам бўлмаяпти...
Подшоҳ яна сўрабди:
-Кечалари турмадингми?
-Турдим... Аммо, бошқалари ҳузурини кўрмоқда...
Подшоҳ кулди:
-Бир ғоз юборсам, патини юласанми?
-Уни менга қўйиб беринг, ғиқини чиқармай юламан...
Подишоҳ вазирини олиб саройга қайтибди. Саройга яқинлашганларида подшоҳ вазирдан сўрабди:
-Нима ҳақида гаплашганимизни тушундингми?
-Йўқ, шаҳаншоҳим...
Подшоҳнинг жаҳли чиқибди:
-Қош қорайгунга қадар нима ҳақда гаплашганимизни ўрган, акс ҳолда бошинг кетади...
Қўрқувдан дағ-дағ титраган вазири аъзам подшоҳни кузатиб қўйгач, ортига қайтибди ва кекса ҳунармандни топиб сўрабди:
-Подшоҳ билан нима ҳақида гаплашдингиз?
Чол вазирга бир қараб олибди-да:
-Айбга буюрмайсан, текинга айтмайман. Юз олтин тангага айтаман.
Вазир юз олтин берибди.
-Сен подшоҳни, сардори жаҳон деб салом бердинг. Подшоҳ эканлигини қаердан билдинг?
-Мен тери ошлаш билан кун кечираман. Унинг устидаги мўйнани подшоҳдан бошқа одам кия олмайди.
Вазир бошини қашибди.
-Яхши, "олтиларга олтиларни қўшмасак, ўттиз иккини эплаб бўлмаяпти," нима дегани?
Қария бу саволга жавоб бериш учун ҳам юз олтин тангани ундирибди.
-Подшоҳ "олти ой ишламасдан қишда ишлаяпсанми," деб сўради. Мен эса "олти ой эмас қишда ишласак ҳам еткизиб бўлмаяпти," дедим.
Вазир яна бир савол берибди:
-"Kечаси турмасданми?" деганинг нима маънони билдиради?
Қария яна юз олтинни санаб олгач:
-"Фарзандларинг йўқми?" деб сўради. "Бор аммо ҳаммаси қиз эди, турмушга чиқиб бошқа инсонларнинг корига ярамоқда" дедим.
Вазир бошини эгиб:
-Маъқул, қани айт-чи, "Бир ғоз юбораман патини юлиб ол" дегани нимани англатади?
Қария қаҳ-қаҳ отиб кулибди:
-Ҳа, энди буни ўзинг ўйлаб топ...
-Ваалайкум ассалом, эй, сардори жаҳон!
Подшоҳ сўрабди:
-Олтиларда нима қилдинг?
-Олтига олтини қўшмасак ўттиз иккига увоқ ҳам бўлмаяпти...
Подшоҳ яна сўрабди:
-Кечалари турмадингми?
-Турдим... Аммо, бошқалари ҳузурини кўрмоқда...
Подшоҳ кулди:
-Бир ғоз юборсам, патини юласанми?
-Уни менга қўйиб беринг, ғиқини чиқармай юламан...
Подишоҳ вазирини олиб саройга қайтибди. Саройга яқинлашганларида подшоҳ вазирдан сўрабди:
-Нима ҳақида гаплашганимизни тушундингми?
-Йўқ, шаҳаншоҳим...
Подшоҳнинг жаҳли чиқибди:
-Қош қорайгунга қадар нима ҳақда гаплашганимизни ўрган, акс ҳолда бошинг кетади...
Қўрқувдан дағ-дағ титраган вазири аъзам подшоҳни кузатиб қўйгач, ортига қайтибди ва кекса ҳунармандни топиб сўрабди:
-Подшоҳ билан нима ҳақида гаплашдингиз?
Чол вазирга бир қараб олибди-да:
-Айбга буюрмайсан, текинга айтмайман. Юз олтин тангага айтаман.
Вазир юз олтин берибди.
-Сен подшоҳни, сардори жаҳон деб салом бердинг. Подшоҳ эканлигини қаердан билдинг?
-Мен тери ошлаш билан кун кечираман. Унинг устидаги мўйнани подшоҳдан бошқа одам кия олмайди.
Вазир бошини қашибди.
-Яхши, "олтиларга олтиларни қўшмасак, ўттиз иккини эплаб бўлмаяпти," нима дегани?
Қария бу саволга жавоб бериш учун ҳам юз олтин тангани ундирибди.
-Подшоҳ "олти ой ишламасдан қишда ишлаяпсанми," деб сўради. Мен эса "олти ой эмас қишда ишласак ҳам еткизиб бўлмаяпти," дедим.
Вазир яна бир савол берибди:
-"Kечаси турмасданми?" деганинг нима маънони билдиради?
Қария яна юз олтинни санаб олгач:
-"Фарзандларинг йўқми?" деб сўради. "Бор аммо ҳаммаси қиз эди, турмушга чиқиб бошқа инсонларнинг корига ярамоқда" дедим.
Вазир бошини эгиб:
-Маъқул, қани айт-чи, "Бир ғоз юбораман патини юлиб ол" дегани нимани англатади?
Қария қаҳ-қаҳ отиб кулибди:
-Ҳа, энди буни ўзинг ўйлаб топ...
/Турк тилидан М.Йўлдошев таржимаси
19.02.2015
Ali Aslanoğlu
Eshiklar...
Eshiklar...
Sizni yozar bo‘lsam,
Romanga sig‘maysiz.
Eshiklar...
Eshiklar...
Ba’zan eski, qiyshiq,
abgor eshiklar...
Ba’zan salobatli, ko‘rkam
Jimjimador
Kibru havoli
Serbo‘yoq, dabdabali eshiklar...
Bir faqirning devorida
qaltiragan,
shaqillagan,
omonatgina eshiklar...
Bir zodagonning ko‘shkida
Apsheron kulliyasida
dang‘illagan
qo‘shqanot darvozalar...
Chorasizga, nochorga,
yo faqir-fuqaroga
doim yopiq,
qulfdor eshiklar...
Zamonlar o‘tadi.
Zamonga boqib
o‘zgargan,
turlangan eshiklar…
Behayolar nigohiga
to‘siq bo‘lgan eshiklar…
Faqat oxiratda
kimni-kimdan
ajratgaydir eshiklar…
Oromkursisini abadiy bilgan
nafsining quliga aylangan
nopok bir bandaning
odam shaklidagi
nimarsaning
qabulxonasida
tepilgan eshiklar…
Qarg‘ish
nafrat va kindan
ezilgan eshiklar…
Kutamiz,
ko‘rarmiz…
Dunyo tuzalajak...
Qachon eshiklar?!
Ey, ma’sum
va mag‘rur yetimning
baxtini ochgan eshiklar!
Hamma gap qulfdadir –
to‘g‘ri
aytasiz.
Qulflarning
g‘iybatini qilasiz!
Qulflar bo‘lmasa edi
na so‘z, na suhbat –
Ayniqsa, ortardi
sizlarga rag‘bat.
Sabr qiling, siqilmang.
Umidingiz yo‘qotmang,
gunoh axir,
eshiklar!
Bir kun kelar –
Haq yuksalar,
kesib qulflarni
18.02.2015
Тақлидий сўзларнинг лингвопоэтик имкониятлари (мақола)
Бадиий матнда муайян
нарса-ҳодисаларнинг образларини яратишда тақлидий ва тасвирий сўзлардан кенг
фойдаланилади. Айтиш мумкинки, тақлидий сўзлар (тақ-тақ, жилдир-жилдир,
жингир-жингир, шитир-шитир, вижир-вижир, қар-қар, вов-вов, миёв каби),
ҳатто улар асосида ясалган сўзлар (тақилламоқ, жилдирамоқ,
шитирламоқ, вижирламоқ, қағилламоқ, вовулламоқ, гулдурак, шилдироқ, миёвламоқ каби)
бадиий образ яратишнинг битмас-туганмас манбаларидир. Муайян нарса-ҳодиса
тасвирланар экан, узундан-узоқ тавсифлардан кўра бу нарса-ҳодисаларга хос
товушларни эслатиш, келтириш уларнинг образларини тезроқ тасаввур қилиш
имконини беради. Бундай тақлидий товушлар нарса-ҳодисанинг тўғридан-тўғри
ўринбосарларига айланади. Шунинг учун ҳам ономатопеялар бадиий матнда алоҳида лингвопоэтик салмоққа
эга. Масалан:
Ғор кетади ўрнидан туриб –
қудуқ.
Қулоғига симоб сингари эриб,
қурбақа дудуқ-
ланиб ўқиётган тарих сингади:
қуррр,
қуррр,
қуррр...
...Қарғалар
қарғанар:
каррр-и-каррр,
каррр-и-каррр... (Фахриёр,
“Ёзиқ” шеъри)
Мутлақо ўзига хос образлар ва рамзлар асосига
қурилган бу шеърда мазкур тақлидий сўзлар (қуррр-қуррр, к(қ)аррр-к(қ)аррр)
кучли даражада поэтик актуаллашган, бу товушлар уларнинг “эгалари” бўлмиш
жонзотларни тиригича ўқувчи кўз ўнгига келтиради. Матнда бу жонзотларга
юкланаётган бадиий маъно яна ҳам тиниқлашади. Таниқли адиб
Х.Дўстмуҳаммаднинг “Ибн Муғанний” номли ҳикоясида сувнинг томчилашидан
чиқадиган товуш асарда олти марта, олтинчиси ҳикоянинг сўнгида, берилган ва
асардаги яхлит бадиий мазмунни тутиб турган устунлардан бири сифатида эстетик
вазифа бажарган (ҳикояда “Куй оламни сел қиладур” деган ибора ёзилган
китоб ўқ нуқталардан биридир, бу ибора ҳам ҳикояда уч марта берилган), ҳатто
бадиий матн интеграциясини ҳам шу олти марта қўлланган тақлидий товуш ушлаб
тургандай туюлади. Мазкур тақлидий сўз қўлланган парчаларда буни умумий тарзда
бўлса-да, тасаввур қилиш мумкин:
...Ибн Муғанний ухлаётган эдими, уйғоқми –
иттифоқо “Чак!.. Трикк!..” этган садони эшитди... ...Ўй-шуури мубҳам умид муждасидан орхиқиб
кетди!.. “Қаердадир сув томчилади!” деган ўй кечди хаёлидан... ...Зумда мудраш,
карахтлик комига тортдими, бас, қулоққа чалинган садо оҳангини унутиб қўйиши
ҳеч гап эмасди. Шу боис атайин овоз чиқариб “Чак!.. Трикк!..” дея
такрорлади...
...Ибн Муғанний ҳарсиллаб, пишқириб биноларни,
дов-дарахтларни кўмиб юборган қор билан олишаётиб осмонга қаради... “Чак!..
Трикк!..” деган садода офтобнинг чарақлаган жамолини кўргандек бўлди...
- Чак!.. Трикк!.. Чакк!.. Трикк-к!..
Ибн Муғанний чўчиб кўзини очди, у ўзини йўлга
чорлаган садони аниқ-тиниқ эшитди, юраги қаттиқ ҳаприқди, ҳушини йиғар-йиғмас
оёқ-қўллари ҳаракатга тушди... Пайтдан фойдаланган Ибн
Муғанний олдинга талпинди... Унинг бадани совуди, мадорсизланди... хаёлларининг
овлоқ бурчагида эрувгарчиликнинг митти даракчиси янглиғ “Чак!.. Трикк!..”
этган садо ҳамон қулоғи остида жаранглаб турар – уни ўлимдан сақлаётган жиндек
жонию, шу ҳаётбахш садо оҳанги эди... (Ҳикоянинг охири:) ...Ҳушдан
кетаётган Ибн Муғанний хомталаш оёғига, азобда қолган жонига ачинмади, “майли”
деди – ингради, “розиман” деди – ингранди, уйга етиб олсам бас... бобомдан
қолган созларга қўл чўзсам... чак!.. трикк!.. оламни сел қиладур... бу
сас... Ибн Муғаннийнинг елкаси қаттиқ нарсага тегар-тегмас мўъжаз эшик беўхшов
ғичирлаб очилиб кетди, у ўзини тутиб қололмади – ёнбошлаганча чордоқ ичига
қулади... Қор босган водийга кўҳна соз ноласи таралди... Дунёни сел қилгувчи бу
нолани Ибн Муғанний эшитдими-йўқми – ёлғиз Аллоҳга аён эди...
Мазкур товушга тақлид ниҳоятда тиниқ ва рангин образ сифатида поэтик актуаллик касб
этган.
Баъзан тил сезгиси ва маҳорати ўткир ижодкор тақлидий сўз ўрнида у билан фонетик
уйқаш бўлган мустақил сўзни қўллайди, натижада бирданига ҳам тақлидий сўз, ҳам
мустақил сўз “ишга тушади”, “овоз чиқаради”. Шунда сўз ҳам ун, ҳам мазмун
сифатида поэтик актуаллашади, ижодкорнинг бадиий ниятини бўрттиради. Мана бу
парчада буни кўриш мумкин:
Синиқ ой сарғайиб кезаркан
кўкда,
Томирларда шуълалар шарпасин
илғаб,
Занжирини силтаб, айқирди
кўппак:
- Хавф!
- Хавф!!
- Хавф!!!
Аёл мискин эди.
Ҳис қилди аёл –
Қайдадир эрини ўпарди бир
қиз...
...Аёл ҳам гуноҳга қўл берди
охир –
Тушида биринчи севгисин кўрди
(И.Мирзо,
“Гуноҳ” шеъри).
Турли мақол ва
маталлар, тез айтишлар ва бошқа фольклор намуналарида поэтик актуаллашган
фонетик воситалар муҳим ўрин тутади. Агар мазкур поэтик актуаллашувдан воз
кечилса, ҳатто бундай сўз санъати намуналарининг эстетик яхлитлигига путур
етади, ундаги фақат фонетик эмас, балки бошқа тил воситаларининг ҳам
интеграцияси ўз моҳиятини йўқотади.
М.Йўлдошев.
Ватан ҳақида қўшиқ...
ЎЗИНГДАН
АЙЛАНАЙ, ОТАМАКОНИМ!
Кенг далам-ай!
Айланайин,
Ўргилайин.
Дўмбирам-ай!
Қўлга олиб,
Куйлайин.
Қозоғимнинг
даласидай!
Кўзимнинг қорасидай,
Ўзингдан
айланай, отамаконим!
Денгиздай!
Тўлғондим,
Тўлғондинг.
Сафарларда!
Соғинчим сен ўзинг,
Сирим-сирдошим ўзинг-ай.
Кўзимнинг
қароси, мунчоғим,
Соғиндим сени-ей, отамаконим!
Соғинчдан
қалбимда мунг,
Айланайин
ўзингдан, отамаконим!
Бахтиёр кунлар-ай,
Юлдуз томган тунлар-ай,
Ўзинг гувоҳ барига:
Ким ўтди,
Кимлар-ай...
Отамакон-ай!
Жанатмакон-ай!
Отаюртим, онамакон-ай...
Омонатдир,
Сенга жону тан!
Бебаҳо даламиздай,
Сулув онамиздай,
Айланайин
ўзингдан-ай...
Отамаконим!
Оримсан,
номусимсан,
Жонимсан жаҳонимсан,
Айланайин
ўзингдан-ай
Отамаконим-ай!
Ж.Туяқбаев
Қозоқ тилидан М.Юлдашев таржимаси.
Роза Рымбаева ижросида "Атамекен"
Kaydol:
Kayıtlar (Atom)





