ФАРИДА АФРЎЗ ИЖОДИГА ЧИЗГИЛАР
“Коинот қачонлардир бир нуқтанинг, бир зарраннинг портлашидан
пайдо бўлган дейилади. Агар шу фикр тўғри бўлса, поэтик сўз яъни шеъриятнинг моҳиятида
лоҳудудга сочилиб кетган коинотни тўплаб, сидириб яна ўша нуқтанинг ичига
сиғдириш истаги ётади”, дейди Рамиз Равшан.
Товуш ва унинг соҳир тебранишларидан яралган мусиқани “Тангрининг
тили” дейдилар.
Олмон файласуфи Кант “ҳам ҳисларга ҳам ақлга таъсир қилувчи
шеъриятни фақат ҳисларни жумбушга келтиргувчи мусиқадан устун” эканлигини
таъкидласа ҳам, Сўз бандаларга махсус бўлгани боис ундан пастроқдадир, дейди
шоир.
Бироқ наздимизда олий мақсадга, мунаввар масканга элтгувчи
қушнинг бир қаноти сўз бўлса иккинчиси куйдир.
Ҳар бир асл шоир Тангрини ўз она тилида тасвирлайди ва ҳақиқий
шоир Тангри дийдорини тилаб қушдай қанот қоқа-қоқа ўз тилининг осмонини
кенгайтиради.
Қушнинг қанот қоқишидан
оҳанг яралади, куйга айланади, сўзга айланади.
Бежиз “шу бепоён осмон
қушларга ва шоирларга армуғон қилинди”, дейилмайди.
Ўз сўзи билан кўркли
тилимизнинг покиза осмонини кенгайтирган шоирлар кўп.
Ўзбекнинг бахти ҳам шунда.
Бугун бу тилда тараннум
этиб бўлмайдиган туйғу ёхуд тушунчанинг ўзи йўқ.
Туркий тилни дағал ва
назмга яроқсиз деб билганларнинг ҳаддини буюк Навоий 15-асрдаёқ кўрсатиб
қўйган.
20-аср аввалида ўзбек
тилида насрий асар ёзишнинг мушкуллигини рўкач қилганларни Қодирий ва Чўлпон
насрдаги сўз назми билан ҳайратга солган.
Кейинги авлодлар ичида ҳам
“катта адабиёт эгалари”га шапкасини олиб салом беришга мажбур қиладиган шоир ва
шоиралар етишиб чиқди.
Демак, муқаддас силсила давом этмоқда ва миллат тургунча туради.
Хат, ёзув, битик инсоният ўйлаб топган энг буюк тилсимдир.
Зеро, ёзувнинг кашфи афсун
ва афсунгарлик билан боғлиқ.
Ёзув фақат маълум бир
кишилар орасидаги алоқа воситасигина эмас, балки инсонни моддий ёки номоддий
мавжудотларнинг салбий таъсиридан асровчи сеҳрли куч ҳам ҳисобланади.
Дуономалар, асрорномалар,
туморлар, асрагичлар, қайтаргичлар, иситгичлар, совитгичлар, бойитгичлар,
тойдиргичлар, эзибичкилар...
Буларнинг бари битик шаклидаги тилсимлар ҳисобланади. Уларнинг
ҳар бири алоҳида бир ҳодисага алоқадор бўлган.
Уни ёнида олиб юрган ёки ўша
битик билан боғлиқ ритуални бажарган кишининг нияти ижобат бўлишига ишонилган.
Шундай тилсимлардан бирининг номи “кабикач” деб аталади.
Хаттотлар бу ёзувни китобни
куя ва турли ҳашаротлардан сақлайди, деб ишонишади.
Шу боис “китоб тилсими” деб ҳам аташади.
Одатда, бу тилсим битиги
китобнинг муқоваси ичига ёки китобнинг илк саҳифасига “Ё, Кабикач” шаклида ёзиб
қўйилади.
Ривоят қилинишича, бир
қайсар хаттот устозининг таъкидига қарамай тилсимни китобнинг сўнгги саҳифасига
ёзибди.
Куялар муқовада тилсим йўқлигидан
фойдаланиб китобни ея бошлабди, фақат сўнгги саҳифага етганида битикни
кўрибди-ю китобни тарк этишибди.
Нима демоқчиман?
Сўзни қутлуғ билган,
табаррук мерос сифатида ардоқлайдиган ижодкорлар, худо ярлақаган аҳли илмлар
миллатнинг кабикачлари ҳисобланади.
Кошғарли Маҳмуд минг йил
олдин пешонамизга битилган Кабикачи беназир эди.
Кейин яссавийлар,
навоийлар, абдуллалар, муҳаммадлар, зулфиялар, фаридалар...
Улар бор экан тилимиз ва дилимиз куялардан ҳимояда.
Фарида Афрўз шеъриятининг моҳиятида виқор бор.
Шеърларининг маҳобати ҳам шунда.
Аммо бу виқор такаббурона, ичи бўш виқор эмас.
Инсонни ердан кўкка, Яратган томон юксалтувчи виқор бор.
Масалан:
Сендан
ш а ф қ а т
кутгандан кўра,
Қуриган дарахтга йиғлайман,
Этагим олмага тўлдирар.
дейди шоира бир шеърида.
Қуриган дарахтга жон ато
этгувчи кўз ёш, олмаларга айлангувчи йиғи, шафқатга мухтожлик аммо ундан-да
муҳим туйғуларнинг борлиги қадим мифологик тушунча ва сўзлар воситасида поэтик
тасвир этилган.
Фарида Афрўз шеърлари ўз кучини туркий мифологиядан олади.
Унинг шеърларида шунчаки
ҳавойи туйғуларни, кунлик ахборотвори фикрларни ва ўтари сўзларни учратмайсиз.
Унинг шеърларидаги ҳар бир
сўзда бошқа сўзларнинг поэтик фаоллашувига хизмат қилувчи фидокорлик сезилиб
туради.
Масалан:
Сендан
м е ҳ р
кутгандан кўра,
Аждаҳога бориб бўзлайман,
Бағримда боламдай ухлайди.
Бу парчадаги ҳар бир сўз умидсизлик ва улуғвор умиднинг шаклу
шамойилини жисмлаштириш учун ўз маъноларини таслим этгандек, гўё.
Сендан в а ф о
кутгандан кўра,
Кўксимга ханжарлар экаман,
Бехато кўкарар, гуллайди!
Мана асл муддао, поэтик сўзнинг илк ва абадий муаммоси.
Қоронғу сир, сирларнинг энг
буюги ўлим дарчасини йўқлаш...
Ўлимнинг йўқ бўлиш дегани
эмаслиги, янги, топ-тоза ҳаётнинг ибтидоси эканлиги ҳақидаги қадимий ва ҳеч
эскирмас мавзунинг Афрўзона талқини.
Шоир ижоди лингвопоэтика, лингвофольклористика,
лингвокультурология фанлари нуқтаи назаридан бетакрор материалларга бой
шеърият.
Маъруфжон Йўлдошев

anchadan beri bunaqa jonli maqola o’qimagandim, diqqatni tortadigan original metaforalar ishlatasiz, hatto maqolalaringizda ham... ayniqsa, kabikach. juda yoqdi. Farida Afro’zdan keltirgan parchalaringiz haqiqatda, ajoyib, Ustoz.
YanıtlaSilМаъқул бўлганидан хурсандман. Раҳмат, саломат бўлинг.
Silanchadan beri bunaqa jonli maqola o’qimagandim, diqqatni tortadigan original metaforalar ishlatasiz, hatto maqolalaringizda ham... ayniqsa, kabikach. juda yoqdi. Farida Afro’zdan keltirgan parchalaringiz haqiqatda, ajoyib, Ustoz.
YanıtlaSil